Жорий йилнинг 29 май куни Институт директор ўринбосари С.Валиев Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган видеоконференция шаклида ўтказилган қўшма йиғилишда иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан ташкиллаштирилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, шунингдек, бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Мунозаралар чоғида Ўзбекистон-Америка муносабатларини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»нинг бажарилиши чуқур таҳлил қилинди. Таъкидланишича, сўнгги йилларда савдо ҳажми икки бараварга ошди, АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокида истиқболли лойиҳалар иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилмоқда. Парламентлараро алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида айтиб ўтилди. Бу борада АҚШ Конгрессининг вакиллар палатасида «Ўзбекистон бўйича Кокус» ташкил этилиши муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, иштирокчилар энергетика, сув ва инновацион соҳаларда амалий ҳамкорлик қилиш учун улкан фойдаланилмаган имкониятлар борлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Таъкидланишича, коронавирус пандемиясининг таъсири, икки томонлама тадбирларни амалга оширишни кечикишига олиб келди. Ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа масалалар борасида ҳам сўз юритилди.
Бундай шароитда парламент дипломатияси механизмидан фойдаланиш, икки мамлакат сиёсий институтлари, илмий ва эксперт доиралари ўртасида мулоқотни кучайтириш алоҳида эътиборга сазовор.
Шуни инобатга олган ҳолда иштирокчилар АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш буйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Халқаро масалалар қўмиталарининг қўшма режа лойиҳасини муҳокама қилдилар. Режалаштирилган тадбирлар ва уларни амалга ошириш механизмлари бўйича аниқ таклифлар билдирилди.