СМТИда да Германиянинг Конрад Аденауер фонди Марказий Осиёдаги ваколатхонасининг янги тайинланган раҳбари Ронни Хайне билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда СМТИ ва Жамғарма ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди, минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашинди.
СМТИ мутахассислари Германия томонини Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари, жумладан, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништиришди.
Германия Федератив Республикаси минтақадаги ижобий ўзгаришлар динамикаси фонида тобора стратегик аҳамият касб этаётган Ўзбекистон билан яқин шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди.
Ронни Хайне Президент Ш.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатдаги ислоҳотларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, мисли кўрилмаган қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг минтақадаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати мутлақо янги сиёсий муҳитни яратди. Минтақавий ҳамкорлик иқтисодий ўсишнинг муҳим омили эканлиги таъкидланди.
Суҳбат давомида К.Аденауэр фонди СМТИ билан яқин самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги таъкидланди. Жамғарма 2020 йилга мўлжалланган тадбирлар режасини тузишни режалаштирмоқда. Томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиёт, давлат ва ижтимоий қурилиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича долзарб мавзулар бўйича қўшма тадбирларни ўтказишга ўзаро қизиқиш билдиришди.
Маълумот учун: Фонд 1955 йилда ўқув ва тарбиявий ишларни олиб бориш учун ташкил этилган. Германиянинг биринчи Федерал канцлери К.Аденаура номи билан аталади. Марказий Осиёда ушбу Жамғарма 1994 йилдан бери фаолият олиб боради. 2017 йилда СМТИ ва Фонд ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.