Ҳиндистон Бош вазирининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари П.Сараннинг Тошкентга ташрифи доирасида СМТИда "Ўзбекистон-Ҳиндистон: хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик истиқболлари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Халқаро муносабатлар Ахборот-таҳлил маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари, шунингдек, Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир давомида томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилишига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга 2018 йил октябр ойида амалга оширган биринчи давлат ташрифи катта туртки берди. Шуни айтиш жоизки унинг натижасида турли соҳаларда 20 га яқин битимлар имзоланган.
Шу йилнинг январ ойида Самарқандда бўлиб ўтган "Ҳиндистон - Марказий Осиё" диалогининг биринчи вазирлар учрашуви мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 9-«Жўшқин Гужарат» халқаро инвестиция саммитида иштироки Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш бўйича бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, бугунги кунга СМТИ тўртта ҳинд таҳлил марказлари билан ҳамкорлик қилмоқда: Ҳиндистоннинг Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлиллари институти, Ҳиндистоннинг ҳарбий тадқиқотлар институти, Халқаро Вивекананда жамғармаси ва Ҳиндистон ташқи ишлар кенгаши шулар қаторидандир.
Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорлик кун тартибидаги минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича доимий равишда эксперт мулоқоти олиб боришда муҳим аҳамият касб этади.