АҚШда Афғонистондаги ярашув жараёнида Ўзбекистоннинг тутган ўрнига бағишланган мақола чоп этилди

Жорий йилнинг 18 август куни Американинг етакчи “The Diplomat” нашри веб-сайтида "Афғонистондаги ярашув жараёнида Ўзбекистоннинг ўрни" деб номланган таҳлилий мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.

“The Diplomat” журнали АҚШдаги нуфузли ижтимоий-сиёсий нашрдир. Журнал ўзининг саҳифаларида ташқи сиёсат тенденциялари, глобаллашув ва геосиёсат, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, жаҳон молия, бизнес ва халқаро савдо билан боғлиқ дунёдаги воқеалар бўйича етакчи хорижий экспертлар баҳолари ва шарҳларини эълон қилади. Журналнинг бир ойлик ўқувчилари сони 2 миллиондан зиёд.

Материал муаллифи "Corsair LLC" консалтинг компанияси раҳбари Жеймс Дюрсо бўлиб, у ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик бўйича эксперт, 20 йил давомида АҚШ флотида таҳлилчи бўлиб хизмат қилган.

Мақолада таъкидланишича, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши минтақанинг Афғонистонга бўлган қарашларини ўзгартириб, Афғонистонни Марказий Осиёнинг бир қисми сифатида тан олишга имкон берди. Муаллиф таъкидлаганидек, 2018 йилги Тошкент декларацияси Афғонистон ичидаги музокараларни қўллаб-қувватлади ва бу Марказий Осиё барча давлатларининг Афғонистон музокаралари жараёнидаги манфаатларини расмий равишда тасдиқлади.

Жеймс Дюрсоннинг сўзларига кўра, ноябрь ойи охирига қадар Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сонининг 5 минггача қисқартирилиши, шунингдек, НАТО иштирокининг пасайишига ва қатор гуманитар дастурларнинг қисқаришига олиб келиши мумкин. Хорижий ҳукуматлар харажатларни қисқартирганда, камайган ташқи ёрдам ўрнини қоплаш учун иқтисодиётни ривожлантириш, COVID-19 пандемияси натижасида йўқотилган иқтисодий фаолликни тиклаш ва демобилизация қилинган «Толибон» жангариларини иш билан таъминлаш керак бўлади, дейилади мақолада.

Совет қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилганидан ва ташқи ёрдам тўхтатилганидан кейин Нажибуллоҳ ҳукумати ағдарилган эди. Аммо бугунги Кобул 1992 йиллардагидан фарқли равишда қўшниларининг Афғонистонни Марказий Осиё иқтисодиётига интеграциялашувига ёрдам беришига умид қилиши мумкин. Бу ҳукуматнинг ағдарилиши ва фуқаролик урушининг олдини олишга имкон беради, дейди эксперт.

Бундай шароитда, муаллиф таъкидлаганидек, Ўзбекистон энг яхши географик жойлашувга эга ва минтақада катта иқтисодиётга эга Қозоғистон билан ҳамкорликда Афғонистоннинг минтақавий жараёнларга қўшилиши масаласида етакчи ўринни эгаллаши учун зарур бўлган инсоний ва табиий ресурсларга эга.

Биринчидан, минтақавий транспорт интеграцияси афғон ярашувини тезлаштиради. Термизнинг юк ташиш маркази ва «Навоий» халқаро аэропорти Афғонистон учун “савдо эшиги” бўлиши мумкин. Бу Афғонистон учун жанубий йўналишда муқобил равишда Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари орқали Эроннинг Чобаҳор портига чиқишни таъминлайди. Кобул, шунингдек, экспорт транспорт йўлаклари бўйича Хитой ва Покистон билан музокараларда ўз ўрнини мустаҳкамлаши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг автомобиль ва темир йўл тармоғини модернизация қилиши Кобул билан Марказий Осиё минтақаси ўртасида логистика алоқаларини таъминлашда ижобий омил ҳисобланади.

Иккинчидан, Ўзбекистон афғон ёшларига Термиз шаҳридаги Таълим маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳасини амалга ошириш орқали сифатли билим олиш имкониятини тақдим эта олади. Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида кундузги таълим олиш имконияти бизнесни юритиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини, меҳнат стандартлари, молиявий шаффофликни ўрганишга ёрдам беради. Бу амалда аҳолиси юқори даражада диверсификацияланган – ўзаро ишонч ва бағрикенглик руҳи устувор Ўзбекистон қанчалик самарали ва тинч йўл билан ҳаракат қилаётганини афғонларга намойиш қилиши мумкин.

Учинчидан, Ўзбекистон, эҳтимол, ўзининг хорижий ва сармоядорларни жалб этишига имкон берган кенг ва чуқур ислоҳотларининг ижобий тажрибасига асосланиб, толиблар иштирокидаги Афғонистоннинг янги ҳукумати учун йўл кўрсатувчи бўлиши керакдир. “Толибон” раҳбарлари, эҳтимол, «ғалаба» дан кейин қабилаларга яхши иш ваъда қилган ва Кобул ҳукумати, ННТ ёки парламент делегацияларидан ўрганадиган нарсалари йўқ деб ўйлашади.

Ўзбекистон сармоядорлар зўравонлик ва коррупция билан танилган бозорга кирмаслигини тушунтириши керак. Масалан, АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, Афғонистонда уруш шароитида муҳим бўлган 1 триллион долларлик қазилма бойликлари бор.

Таҳлилчининг таъкидлашича, НАТО Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг, Афғонистон иштирокида минтақавий ривожланишни таъминлаш учун Ўзбекистон зиммасига катта масъулият юклайди. Бу масала бўйича АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган давлатлар Марказий Осиё минтақасидаги инфратузилма ва бошқа лойиҳаларни молиялаштириш орқали Тошкентга сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ёрдам беришлари шарт.

Хусусан, Америка Қўшма Штатлари “С5 + 1” ва “АҚШ-Афғонистон-Ўзбекистон” каби уч томонлама мулоқот шаклидан нафақат вазиятни баҳолашда, балки қарорларни қабул қилиш учун ҳам фойдаланиши мумкин. Муаллифнинг фикрига кўра, ушбу платформалар доирасидаги юқори даражадаги учрашувлар амалий қарорларни қабул қилишга қаратилган бўлиши керак. Фақат шу тарзда барча жалб қилинган томонлар ўртасидаги муносабатлар янада равшан ва мустаҳкам бўлади, дейди Жеймс Дюрсо.

Материал якунида Жеймс Дюрсо Президент Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтиради: " Афғонистон хавфсизлиги – бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир". У Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари Афғонистонга глобал иқтисодиётга қўшилиш имкониятидан фойдаланишда ёрдам беришга, Афғонистоннинг терроризм ўчоғи, наркотиклар, қурол-яроқ ва одамлар савдоси марказига айланишига йўл қўймасликка тайёр эканликларини таъкидлайди.

Манба