Ўзбекистон Президенти Россиянинг ВТБ банки билан ўзаро манфаатли ҳамкорликдаги имкониятларни қайд этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент иқтисодий форуми доирасида мамлакатимизда бўлиб турган “ВТБ” банки президенти – бошқаруви раиси Андрей Костинни қабул қилди.

Учрашувда мамлакатимиз корхоналарининг Россиядаги энг йирик банк институтларидан бири билан ўзаро манфаатли инвестициявий ва молиявий ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Форум доирасида Навоий кон-металлургия комбинатининг лойиҳалари учун 1 миллиард долларлик кредит линиясини ажратиш тўғрисида биринчи битим имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Бундан ташқари, индустриаллаштириш ва инфратузилмани модернизация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш ва молиялаштиришни кенгайтиришдаги мавжуд имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Амалий ҳамкорликни илгари суриш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

Манба