29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаясини қабул қилди.
Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил ҳамда стратегик шериклик ўрнатилганига 20 йил тўладиган йилда ўтмоқда.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
2019 йил декабрь ойида Токиога амалга оширилган олий даражали ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб, ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Кейинги йилларда қўшма корхона ва лойиҳалар сони, шу жумладан Ўзбекистонда энергетика ва туризм инфратузилмасини, юқори технологик саноатни ривожлантиришга Япония етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш орқали бир неча баробар кўпайди.
Япониянинг ривожланиш ва ҳамкорлик институтларининг молиявий маблағлари иштирокидаги қўшма дастурлар портфели 7 миллиард доллардан ошди.
Ўзаро савдо ҳажми, энг аввало, талаб юқори бўлган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги турларини етказиб бериш ҳисобига ошиб бормоқда.
Мамлакатимизда ўзаро ҳамкорликдаги таълим лойиҳаси – Тошкент шаҳридаги Рақамли университет муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари олий даражадаги самарали мулоқотларни давом эттириш муҳим эканлигига алоҳида тўхталди ҳамда Япония Бош вазири Фумио Кисидага Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлади.
“Марказий Осиё + Япония” форматидаги конструктив минтақавий ҳамкорликни, энг аввало, иқтисодий ўзаро боғлиқлик, муқобил энергетика ва экология соҳаларида мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирилди.
Ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяси Япония ҳукумати Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Шунингдек, мамлакатимизнинг Афғонистонда бардавом тинчликни таъминлаш ва ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди.
Олдингиси
Одамларнинг дардига дармон бўлиш – инсонийликнинг олий намунаси
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 апрель куни эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
29.04.2022