Ўзбекистон Республикаси Президенти Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти ва халқини ушбу давлат ташкил топганининг 50 йиллиги билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абу-Даби валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Абу-Даби валиаҳдини, дўст Амирликлар раҳбарияти ва халқини ушбу мамлакат ташкил топганининг 50 йиллиги билан самимий қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик, бардавом тараққиёт ва равнақ тилади.

БААнинг давлат қурилиши ва иқтисодий ривожланишда юксак муваффақиятларга эришгани, улар кенг халқаро эътирофга сазовор бўлгани ва Дубай шаҳрида ўтаётган EXPO бутунжаҳон кўргазмасида яна бир бор намойиш этилгани алоҳида қайд этилди.

Суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон-БАА ҳамкорлиги кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Муқобил энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, бошқарув кадрларини тайёрлаш ва бошқа устувор соҳаларда самарали ҳамкорлик қилинаётгани ҳамда Амирликларнинг етакчи ташкилотлари, компания ва молиявий институтлари иштирокидаги қўшма лойиҳалар муваффақиятли илгари сурилаётгани мамнуният билан таъкидланди.

Узоқ муддатли шерикликнинг янги илғор йўналиш ва дастурларини белгилаб олиш мақсадида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.

Абу-Даби валиаҳди Амирликларнинг ҳар доимгидек дўстона ва яқин икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқлади ҳамда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Телефон орқали мулоқот дўстона, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтди.

Манба