Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.

Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини Президент сайловида эришган ғалабаси билан самимий муборакбод этиб, овоз бериш натижалари мамлакатимиз аҳолиси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганини кўрсатганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Туркия Президенти ва бутун халқини ушбу мамлакатнинг яқинлашиб келаётган бош миллий байрами – Республика куни билан илиқ қутлаб, тинчлик-осойишталик ва тинчлик-фаровонлик тилади.

Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва Туркий Кенгаш саммитига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро савдони янада кўпайтириш, йирик инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтириш ва муҳим таълим дастурларини амалга ошириш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.

Манба