Президент IT-парк қурилишини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида бўлди.

Мажмуа шоу-румида қурилиши бошланган бинолар, уларда бўладиган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг ўқувчилари иштирокида яратилган дастурий маҳсулотлар намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманидаги IT-марказда сабоқ олаётган болалар билан видеоконференцалоқа орқали мулоқот қилди.

Мутасаддиларга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб билан ҳудудлардаги ахборот технология мактаблари интеграциясини таъминлаш, ёшларнинг замонавий технологияларга қизиқишини тўғри йўналтириб, етук мутахассислар этиб тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Галдаги бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилди.

Мазкур замонавий мажмуа қурилиши ўтган йили 20 ноябрда бошланган эди. Бу ерда босқичма-босқич 17 та иморат, жумладан, 20-25 қаватли офис бинолари, 22 қаватли меҳмонхона, университет, конференция зали, коворкинг маркази ва бошқа объектлар барпо этилади. Иншоотлар 9 баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади. Мажмуа ҳудудида кафе ва ресторанлар, дўконлар, масжид, спорт майдонлари, дам олиш жойлари ҳам бўлади.

Ушбу IT-паркнинг дастлабки 2 та биноси фойдаланишга топширилган. Уларда энг замонавий қулайликлар яратилиб, истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. IT-парк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йил 1 январга қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган.

Манба