Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Жаноби Олийларига
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Азиз қардошим!
Менинг номимга йўлланган, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий қардошлик алоқалари чуқур таҳлил қилиниб, мамлакатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилган мактубингиз учун Сизга чуқур миннатдорлик билдириш шарафига муяссарман.
Сизнинг икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги фикрларингизни тўлиқ қўллаб-қувватлар эканман, мен Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик характерига эга эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман.
Халқларимиз ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига мувофиқ кўп йиллардан буён жадал ривожланиб келаётган дўстлик ва қардошлик алоқалари бугунги кунда янги мазмун касб этганини катта мамнуният билан қайд этмоқчиман.
Олий ва юқори даражадаги доимий мулоқотлар икки томонлама ҳамкорликнинг юксак даражасини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Сиз билан Ашхобод ва Тошкентда бўлиб ўтган учрашувларимизни, уларда Туркманистон-Ўзбекистон муносабатларининг турли жиҳатларини муҳокама қилганимиз, кўплаб муҳим маданият масканларининг очилишида қатнашганимизни алоҳида ёрқин таассуротлар билан эслайман.
Тошкент шаҳрида туркман шоири ва файласуфи, мумтоз адабиётимиз намояндаси Махтумқули шарафига номланган кўча ҳамда унинг сиймоси тасвирланган ёдгорлик, "Ашхобод" маданият ва истироҳат боғи, шунингдек, Хоразм вилоятида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик уйи ва "Улли ҳовли" маданий мажмуасининг очилиши халқларимизнинг абадий дўстлиги ва биродарлигининг ёрқин рамзи бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида, Туркманистон пойтахтидаги "Илҳом" марказий хиёбонида Шарқнинг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг улкан ёдгорлиги ўрнатилди ва Ашхободнинг бевосита Президент саройига яқин марказий кўчаларидан бирига улуғ шоирнинг номи берилди.
Бундан ташқари, 2017 йилда Сизнинг Туркманистонга давлат ташрифингиз доирасида Туркманобод шаҳрида ўзбек халқининг буюк ўғлони, атоқли давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳайкали очилди, унинг номи Лебап вилоятининг маъмурий маркази кўчаларидан бирига берилди.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Айни вақтда Сизга шуни ҳам маълум қилмоқчиманки, куни кеча Ашхобод марказида Ўзбекистон пойтахти шарафига замонавий "Тошкент" маданият ва истироҳат боғини лойиҳалаштириш ва қуриш учун тендер эълон қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон компанияларини ушбу тендерда иштирок этишга таклиф қиламан.
Шу билан бирга яна бир муҳим янгиликни сизга етказмоқчиман. Яқинда биз 2020 йилги энг намунали ижтимоий-иқтисодий ва маданий кўрсаткичлар бўйича Туркманистон туманлари ўртасида ўтказилган танлов ғолибини эълон қилдик. Ушбу танловда Тошҳовуз вилоятининг С.А.Ниёзов тумани ғолиб бўлиб, 1 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофотга сазовор бўлди. Ушбу туман аҳолисининг 99 фоизини ўзбеклар ташкил этишини таъкидлаш менга мамнуният бағишлайди.
Маданий-гуманитар алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни равнақ топтиришда муҳим роль ўйнайди. Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантирар эканмиз, биз туркман ва ўзбек халқларининг азалий биродарлик ва ўзаро меҳр-оқибат анъаналарига, уларнинг туб маънавий ва тарихий қадриятлари муштараклигига таянамиз.
Шу нуқтаи назардан, 2021 йил 17 февраль куни Ашхабодда буюк шоир ва давлат арбоби Захириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтганини таъкидлаш ҳам менга мамнуният бағишлайди.
Бундай тадбирларни ўзаро ўтказиб бориш умумий маданиятларимиз, тарихий сиймоларимизни оммалаштиришга катта ҳисса қўшади, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлайди.
Азиз биродарим!
Туркманистон ижобий бетарафлик тамойилларига асосланиб, минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликда доимо фаол иштирок этмоқда.
Бугунги кунда Туркманистон ташаббуси билан минтақанинг барқарор тараққиётига амалий туртки беришга қаратилган энергетика, транспорт ва коммуникация соҳаларида кенг миқёсли минтақалараро лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, биз Ўзбекистоннинг 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар" мавзусида юқори даражали халқаро конференция ўтказишга доир ташаббусини олқишлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Ушбу форумга катта аҳамият берган ҳолда, Туркманистон унинг ишида иштирок этиш учун расмий делегацияни юборади. Конференция иши самарали бўлади, унинг натижалари эса Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро алоқалар ва кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлиқ, кўп қиррали давлатчилик фаолиятингизга катта муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Гурбангули Бердимуҳамедов,
Туркманистон Президенти
Олдингиси
Йўл-транспорт тизимига оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида йўл-транспорт тизимини яхшилаш ва янги йўллар қуришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
24.02.2021Кейингиси
Президент: Экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳадаги энг устувор вазифа бўлиши керак
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 февраль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
24.02.2021