А.Рашидбеков: илм-маърифатсиз келажак йўқ

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган Мурожаатномада Ўзбекистонда 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном беришни таклиф қилди. Ушбу йўналишдаги вазифаларни амалга ошириш бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган замонда муҳим аҳамият касб этади. Сабаби – XXI асрда ҳар қандай тараққиётни белгилаб берувчи асосий омил инсон капитали ҳисобланиб, унга киритилган инвестиция келажакда, албатта, ўз мевасини беради.

Хусусан, Мурожаатномада давлатимиз раҳбари сўнгги 3 йилда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 52 фоизга етгани, жорий йилда эса бу кўрсаткични 60 фоизгача ошириш вазифасини белгилаб берди. Ушбу мақсадларга бюджетдан қарийб 2 триллион сўм маблағ ажратилади.

2020 йилда бюджетдан ажратиладиган 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 216 таси капитал таъмирланади. Шунингдек, 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.

Бундан ташқари, Мурожаатномада таъкидландики, 2019 йилда 146,5 минг ёшлар талабаликка қабул қилиниб, олий таълим билан қамров кўрсаткичи қарийб 20 фоизни ташкил қилди. Бу соҳада 2016 йилга нисбатан 2 баробарга ўсишга эришилди.

Жорий йилда ушбу кўрсаткичини 25 фоизга етказиш, педагогик йўналишларида 3 йиллик таълимни йўлга қўйиш, мутахассисликка бевосита алоқаси бўлмаган дарсликлар сонини қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Бу нимани англатади? Биринчидан, бу – талабаларни бўлажак касбга қизиқтириш, таълим олишда уларнинг мотивациясини юксалтириш имконини беради. Иккинчидан, иқтисодиёт тармоқларида эҳтиёж баланд бўлган мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг рақобатбардошлигини оширишга замин яратади. Учинчидан, ушбу чора-тадбирлар олий таълимда академик эркинликни жорий қилиш орқали соғлом муҳитни шакллантириш, шунингдек, жамиятда илм-фанга бўлган қизиқишни янада кучайтириб, мамлакатимиз илмий салоҳиятини юксалтиришга асос бўлади.

Мурожаатномада шу ва бошқа соҳалар чуқур таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгилаб берилдики, улар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш ўйғотмоқда. Ўйлаймизки, ушбу вазифалар ижроси юртимизда инсон капиталини ривожлантириш, мамлакат рақобатбардошлигини оширишда мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.

Адҳамбек РАШИДБЕКОВ,

СМТИ бош илмий ходими