Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тутган кенг ўрни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги мамлакат ташқи сиёсатининг ўзига хос хусусияти бўлиб қолмоқда. Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиевнинг айтишича, бундай йўналиш ташаббускор ташқи сиёсатни талаб қилади. Эксперт Kun.uz сайтига берган интервьюсида Ўзбекистон раҳбариятининг янги ташаббуслари яқин қўшнилар билан муносабатларни қандай тарзда шакллантириши ҳақида сўз юритди.
- Москва ва Тошкент ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг Шавкат Мирзиёев даврида ривожланишини қандай таърифлаган бўлардингиз?
- Россия билан муносабатлар биз учун доимо стратегик аҳамиятга эга бўлиб келган. 2005 йилги келишувга мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди, ҳамкорликнинг кенг қамровли дастурлари доимо қўллаб-қувватланди. Шавкат Мирзиёев президентликка келиши билан икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида алоқалар жадал ривожлана бошлади. Буни қуролланмаган кўз билан ҳам кўриш мумкин.
Ҳамкорликнинг бундай жадаллашуви давлатимиз раҳбарининг динамик бошқарув услубини ва Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг юқори суръатини акс эттиради. Мамлакатимизда иқтисодий ўсишнинг жадаллашиши ташқи ҳамкорлар билан максимал даражада ҳамкорлик қилишни талаб қилади. Ва Россия улар орасида етакчи ўринни эгаллайди.
Сўнгги икки йил ичида, айниқса, президент Мирзиёевнинг Россия раҳбарияти билан музокаралари давомида эришилган натижаларни ҳисобга олган ҳолда, мен ушбу ҳамкорлик даврини илгари ишлаб чиқилган ва ҳозирда фаол ривожланиб бораётган икки томонлама норматив-ҳуқуқий асоснинг амалий ижросига ўтиш деб таърифлаган бўлардим.
- Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ўзбекистонга қилган охирги ташрифи чоғида Россия телеканалига берган интервьюсида мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда совуқчилик даври ҳам бўлганлигини айтди.
- Албатта, турли даврлар бўлган, баъзида бизни қониқтирмаган ҳолатлар ҳам кузатилган. Шуни англаш лозимки, бу халқаро муносабатлардаги оддий жараён ҳисобланади, чунки мамлакатлар ташқи сиёсати асосида миллий манфаатлар ётади. Улар қаердадир кесишади, қаердадир мос келади, яна қаердадир ажралади. Шунга қарамай, икки томонлама кун тартибимизда муносабатлардаги ўзаро ҳурмат ҳар доим ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Биз доимо Россия манфаатларини эътироф этдик ва ҳисобга олдик, унинг ўзимиз аъзо бўлган халқаро ташкилотлар доирасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватладик ва Россия томонидан ҳам худди шундай ёрдам олдик.
Ҳозирда хорижий экспертлар янги очиқ Ўзбекистон ҳақида кўп гапиришмоқда ва ёзишмоқда. Бу очиқлик чегаралар ва иқтисодий жиҳатларгагина тааллуқли эмас. Агарда ташқи сиёсат ҳақида гапирадиган бўлсак, демак, гап ҳамма билан очиқ мулоқот қилиш ҳақида бормоқда. Бу муносабатларни барча ҳамкорлар билан бир хил интенсив равишда ривожлантирамиз. Шу билан бирга, баъзилар билан ҳамкорлигимизда бошқаларга зарар етказмаслигимиз керак. Бу жуда муҳим ҳисобланади.
- Дарвоқе, Ўзбекистон МДҲдаги иштирокини сезиларли даражада кенгайтирди.
– Бу жуда яхши мисол. Ўзбекистон қатор халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг аъзоси. Улар умумий мақсад ва муаммоларга эга бўлган мамлакатлар учун манфаатларни кўп томонлама шаклда мувофиқлаштириш, умумий ёндашув ва қоидаларни ишлаб чиқиш учун майдон тақдим этади.
Ўтган йилларда Ўзбекистон ўз манфаатларини илгари суриш учун ташкилотлар салоҳиятидан етарлича фойдаланмаганини тан олиш керак. Масалан, сиз айтган МДҲ, ушбу ташкилот постсовет маконидаги мамлакатларнинг деярли барча соҳаларда, хавфсизлик бўладими ёки метрология масалалари бўладими, муносабатлар ўрнатиш учун кенг миқёсли норматив-ҳуқуқий базага эга. МДҲга ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бўлган Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар киради, Россия - бизнинг энг йирик инвестор ва савдо ҳамкоримиз.
Шу боис МДҲнинг энг йирик давлатларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг ташкилот ишидаги фаоллашуви жуда талаб қилинадиган қадамдир. Фақатгина жорий йилда Ўзбекистон ташкилот доирасида еттита тармоқ учрашувлари ўтказиш учун ўз майдонини тақдим этди. Менимча, турли-туман ҳаракатлар дастурини таклиф қилган Ўзбекистон МДҲга янги энергетика олиб кирди. Ушбу турткидан фойдаланиб, Ҳамдўстликни анча самарали ва жозибали платформага айлантириш мумкин.
- Ўзбекистоннинг Россия билан муносабатлари МДҲ доирасидаги ҳамкорлик интенсивлиги билан мос келади дейиш мумкинми?
- Ҳам "ҳа", ҳам "йўқ" дейиш мумкин. Бу икки жараённинг бир-бирига тўғридан-тўғри таъсир даражасини аниқлаш жуда қийин. Менимча, МДҲ Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар ва умуман Ҳамдўстликнинг барча аъзолари ўртасида умумий фалсафани яратади. МДҲ бу Ўзбекистоннинг Россия ва бошқа собиқ республикалар билан икки томонлама муносабатлари ўрнатила бошланган нуқтадир. У давлат, ҳукумат, вазирлик ва идоралар, жумладан, ихтисослаштирилган бўлимлар раҳбарлари учрашадиган жой. Айтганча, МДҲ доирасидаги ушбу учрашувлардан тез-тез фойдаланиб, икки томонлама музокаралар олиб борилмоқда ва ҳамкорлик бўйича қўшма ҳужжатлар имзоланмоқда.
Бундан ташқари, барча икки томонлама муносабатлар янада кенгроқ ҳамкорликни талаб қилади, МДҲ майдони эса постсовет ҳудудида биринчилардан бўлиб тузилган. У икки томонлама саъй-ҳаракатларни самарали равишда тўлдириш имконини беради. Нима бўлганда ҳам Ўзбекистоннинг МДҲда фаоллашуви Россия ва ташкилотнинг бошқа аъзо давлатлари билан ҳамкорликка ижобий ҳисса қўшмоқда.
- Илгарилари Ўзбекистон гўёки икки томонлама муносабатларни маъқул кўриши ҳақида тез-тез айтиларди. Ҳозирда мамлакат бундай сиёсатдан узоқлашмоқдами?
- Бунга бошидан - 1990-йиллардан бошлаб қараш керак. Мустақилликнинг дастлабки йилларида барча мамлакатлар нафақат икки томонлама муносабатларга эътибор қаратганди, балки кўп томонлама ҳамкорлик учун турли форматлар ва минтақавий ташкилотлар яратишга уринишганди. Бу иқтисодий эҳтиёжлар, бунга қадар мавжуд бўлган алоқаларни сақлаб қолиш билан боғлиқ эди. Шунингдек, ўша пайтда МДҲда мавжуд бўлган хавфсизлик муаммолари билан ҳам боғлиқ эди. Шу боис, икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши ҳар доим устувор аҳамиятга эга бўлган деб бўлмайди. Хорижий давлатлар билан бевосита алоқалар қатор муайян масалаларни ҳал қилиш учун олдинга чиқа бошлади.
Масалан, биз Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар ҳамда Афғонистон билан чегарадош ягона давлатмиз. Шунинг учун кўп томонлама форматларга қўшимча равишда, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, сув ресурсларини бошқариш ва электр оқими, товарлар ва одамлар ҳаракатини тартибга солиш билан боғлиқ масалалар мажмуини ҳал қилишга тўғри келди. Кўп томонлама форматда батафсил муҳокама қилиб бўлмайдиган ва самарали ечилиши мумкин бўлмаган кенг миқёсли кун тартиби бор эди ва бор.
Ҳозирги вақтда музокаралар янада самарали давом этаётган бўлса-да, бу масалалар охиригача ҳал бўлмаган.
Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга илгаригидек катта эътибор берилмоқда. Ҳозирги ташқи сиёсатимизнинг ўзига хос хусусияти Ўзбекистоннинг бутун минтақада ва бутун дунёдаги роли ва ўрнини кенгроқ кўриб чиқишдан иборат бўлмоқда. Икки томонлама ва кўп томонлама форматларда ҳам халқаро ҳамкорликдан амалий натижаларга эришишга қаратилган эътибор кучайди.
Ўзбекистон ўз ривожланишининг ташаббускор ташқи сиёсатни талаб қилувчи янги босқичига қадам қўйди деб айтиш мумкин. Нафақат Ўзбекистон. Қўшниларимиз ва МДҲнинг бошқа давлатлари ҳам худди шу даврга кириб келишди. Агар дастлаб улар асосан суверен, мустақил давлат қуришга эътибор қаратишган бўлса, эндиликда мамлакатларимиз самарали ривожланишга ёрдам берадиган етук, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатлар қуриш босқичи бошланди.
- Марказий Осиёга, Шавкат Мирзиёевнинг юқори даражадаги норасмий учрашувлар ўтказиш ташаббусига қайтсак, сиз бу ғояни қандай баҳолайсиз? У минтақани янги даражага олиб чиқа олади. Интеграция ҳақида гапириш мумкинми ёки учрашувлар шунчаки маслаҳатлашувлар бўлиб қолаверадими?
– Аввало, номидан ҳам маълумки, бу маслаҳатлашув майдони. Бу ерда ҳеч қандай иттифоқ ёки институционал интеграция ҳақида гап йўқ. Нима учун ушбу формат танланган? Бу ерда жуда чуқур ўйлашни талаб қиладиган масалалар бор. Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар минтақа ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйганлигидан, яхлит характерга эга бўлганлигидан келиб чиқмоқда. Мамлакатларимиз жаҳон миқёсида биргаликда эътироф этилмоқда. Буни ҳамкорлик форматлари мавжудлиги билан ҳам баҳолаш мумкин. Масалан, АҚШ ташаббуси билан ташкил этилган C5 + 1. Шунга ўхшаш формат Япония, Корея билан ҳам мавжуд. Кўплаб ҳамкорлар минтақа билан худди яхлит макон каби ҳамкорлик қилишга қизиқмоқда. Аммо бу бундай ҳамкорлик учун биз қандайдир иттифоқ яратишимиз ва шу асосда алоқалар ўрнатишимиз кераклигини англатмайди. Шунинг учун учрашувларнинг маслаҳат механизмидан фойдаланиш ғояси нафақат оқилона, балки ҳозирги вақт учун энг муваффақиятлиси бўлади.
Марказий Осиёда жуда улкан салоҳият мавжуд ва у сўнгги икки йил давомида амалга оширилган умумий саъй-ҳаракатлар туфайли очилмоқда. Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасида товар айирбошлашнинг ўсиш суръатлари, фуқароларнинг ўзаро ташрифлари ўсиши қандай бўлганини барчамиз кузатдик. Баъзи баҳолашларга кўра, ҳар куни 100 мингдан зиёд киши қўшни давлатлардан Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтади.
Кўпинча, биз бир-биримизни тўлиқ такрорлайдиган ўхшаш иқтисодларга эга эканлигимиз тўғрисидаги гапларни эшитиб қоламиз. Аслида, бизнинг савдомиз кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради ва ўзаро эҳтиёжларни тезда тўлдиришга имкон беради. Бу салоҳият аллақачон ҳаракатга келган, лекин бу чегара эмас. Ички минтақавий савдо даражаси ривожланган интеграциялашган бирлашмалар даражасига етиб бормади. Европа Иттифоқида бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Бизда эса турли баҳоларга кўра бу 10% дан камроқ. Асосий савдо шерикларимиз ҳозирча минтақа ташқарисида.
- Бизни Евроиттифоқ бозори билан таққослаш тўғрими?
- Ҳа, вазият бошқача. Аммо бу қўшни давлатлар ўзаро қандай муносабатда бўлиши ва қандай даражадаги товар алмашуви меъёрий эканлигини кўрсатади. Айни пайтда, бошқа минтақаларда ички минтақавий савдо кўрсаткичлари Марказий Осиёдагидаги нисбатан анча юқори. АСEАНда бу кўрсаткич умумий савдо ҳажмининг тахминан 50% ини ташкил этади.
Умуман олганда, ҳар қандай тажриба аввало яқин бозорларга эътибор қаратиш, сўнгра яна давом этиш кераклигини кўрсатади. Биз буни ҳозирда параллел равишда қилмоқдамиз - узоқ ва яқин бозорларга қарамоқдамиз. Минтақа ҳозирда дунёдаги энг қудратли ва тез ривожланаётган икки бозор - Хитой ва Жанубий Осиё яқинида жойлашган. Шу боис, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ва давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув форматида муваффақиятли кўриб чиқилаётган муаммоли масалаларни тезда ҳал қилиш биргаликда ривожланиш учун жуда кучли иқтисодий туртки бериши мумкин.
Давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари шакли ҳақидаги саволингизга қайтар эканман, уларнинг асосий мақсади минтақанинг икки асосий талаби - барқарорлик ва барқарор ривожланишга таянган ҳолда узоқ муддатли минтақавий ҳамкорликка концептуал равишда чиқиш деб жавоб бераман. Шу билан бирга, учрашувларнинг маслаҳатлашув шакли декларатив майдон деб ўйлаш нотўғри. Давлат раҳбарларининг мулоқотлари натижалари бўйича уларнинг ташкилий-техник келишувлари ишлаб чиқилмоқда.
- Россия Федерацияси билан муносабатларга қайтсак, яқинда бош вазирлар даражасидаги комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Россия билан бош вазирлар даражасидаги комиссия мавжуд бўлган учинчи давлат бўлди (Франция ва Хитойдан кейин). Бу комиссия ўзи нима ва томонлар нима учун бундай форматга ўтишга қарор қилди?
- Аввало, бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли, изчил муносабатлар ўрнатиш ва ҳамкорликни тез ва самарали ривожлантириш ниятлари жиддийлигидан далолат беради. Айтиб ўтганингиздек, Россия ҳар қандай давлат билан ҳам битимларнинг амалга ошиш жараёнини бош вазирнинг шахсан ўзи назорат қиладиган даражада муносабат ўрнатмаган. Албатта, бу турли муаммоли масалаларни, ҳамкорликка нисбатан тўсиқларни тез ва осон бартараф этиш имконини беради.
Нима учун Ўзбекистон ва Россияда бундай истак бор? Россиялик мутахассислар бу саволга Ўзбекистон МДҲнинг иккинчи иқтисодиётига айланиши мумкинлигини тахмин қилиб жавоб беришган. Албатта, бундай баҳолашни турлича шарҳлаш мумкин, аммо агар биз соф саноат кўрсаткичини олсак, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига эътибор қаратсак, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон яқин орада бу жойни эгаллаши мумкин. Бизнинг динамик иқтисодий ўсишимиз турли иштирокчиларни жалб қилади. Кўпгина хорижий инвесторлар бу ерда очилаётган имкониятларга эътибор қаратишади.
Россия бу вазиятни истиқболли деб жуда тўғри баҳолаяпти ва иқтисодиётимизга инвестициялар киритишга катта эътибор қаратяпти деб ҳисоблайман. Маълум вақтдан сўнг, у биз кўзлаган натижаларни беради. Хусусан, товар алмашишни 10 миллиард долларга етказиш айтилган. Менимча, бунга эришса бўлади.
- Рақамлардан сўз очдингиз. Нима учун товар алмашиш бўйича статистика доим фарқ қилади? Нега ўзбек томонида у Россия томонига қараганда тезроқ ўсади?
– Аслида, бу савол кўп берилади. Бу ҳолат кенг тарқалган. Бунинг асосий сабаби ҳисоблаш услублари ўртасидаги фарқдир. Ҳисоб-китоб божхона органлари томонидан ўз чегараларида амалга оширилади ва улар кўрсаткичларни синхрон ҳисоблай олмасликларини эътиборга олиш керак. Ҳамманинг ўз статистикаси бор. Бундан ташқари, бизда тўғридан-тўғри чегара йўқ. Маҳсулотларимиз Россия бозорига учинчи мамлакатлар ҳудуди орқали киради. Маълум даражада бу ҳам тафовутга таъсир қилади. Энг асосийси, фарқ жуда катта эмас. Баъзи давлатларда рақамларда анча катта фарқ бўлади ва у ҳолда аниқ эътибор қаратиш қийин бўлади. навигатсия қилиш жуда қийин. Бизнинг ҳолатимизда товар алмашишда сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Агар ҳисоб-китобни янада кенгроқ кўриб чиқсак, икки томонлама савдо миқдори расмий манбалар томонидан айтилганига нисбатан анча баланд деб тахмин қилиш мумкин.
- Россия Афғонистондан хорижий қўшинлар бутунлай олиб чиқиб кетилиши тарафдори. Бу ҳақда яқинда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди. Бу позицияни қандай баҳолайсиз? Қўшни мамлакатдаги вазият нуқтаи назаридан бу оқилона қадамми?
- Россиянинг Афғонистондаги биринчи ўриндаги манфаати менинг назаримда, хавфсизликни таъминлаш. Барчамиз биринчи навбатда бу мамлакатда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдормиз. Бугунги кунда фаол олиб борилаётган музокаралар жараёни диққат марказимизда турибди. АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ҳозирда барча манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичини ўтказмоқда. Бунгача у апрел ойида шунга ўхшаш марафон ўтказганди. Россиянинг ҳам бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қайд этиш жоиз. Сўнгги ойларда Афғонистон муаммоси бўйича Россия, АҚШ ва Хитой вакиллари ўртасида бир нечта самарали маслаҳатлашувлар ўтказилди. Бундай қадамлар ёндашувларни тартибга солиш ва тинчлик музокараларини ривожлантиришга ёрдам беради.
Ўз навбатида, Ўзбекистон афғонаро мулоқот ўтказиш учун майдон таклиф қилди. Биз бу музокаралар амалга ошиши ва муваффақиятли бўлиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрмиз. Уларнинг натижалари Афғонистонда кимлар қолишини, қандай сиёсий конфигурация бўлишини аниқлаб бериши керак.
Биз қўшнилар ва афғон халқининг бошқа дўстлари бир асосий нарсани ёдда тутишимиз керак: ҳар қандай ҳолатда ҳам бу мамлакат ҳозирча ташқи ёрдам ва қўллаб-қувватловга муҳтож. Халқаро ҳамжамиятнинг иштироки, ижтимоий-иқтисодий тикланишга кўмаклашиш кўп йиллар давом этиши керак бўлган улкан, комплекс чорадир.
Ўзбекистон бу йўналишда Афғонистонни минтақамиз иқтисодий тизимига жалб қилиш орқали, Термиздаги салоҳиятимиздан фойдаланиб турли ижтимоий ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини берган ҳолда сезиларли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бундан ташқари, биз Афғонистонда савдони ривожлантиришга ҳисса қўшадиган турли йўлларни қуришда иштирок этишга тайёрмиз.
- Бу мамлакатда тинчликка эришиш эҳтимолини қандай баҳолайсиз?
- Музокаралар доимо муросага эришиш йўлидаги ҳаракатлардир, аммо афғон муаммоси шунчаки кўп қиррали эмас. У тинчлик ўрнатилишига тўсқинлик қилаётган қарама-қаршиликлар ва турли жиҳатлар йиғиндисидир. Бу вазиятда Афғонистонни, хусусан, сиёсий соҳада тартибга солиш бўйича ҳар қандай музокараларда зарур бўладиган кўплаб турли хил омиллар мавжуд.
Шунга қарамасдан, Афғонистонда тинчликка эришса бўлади. Бунинг учун мамлакат ичида ҳам, атрофида ҳам барча иштирокчи томонларнинг манфаатларига жавоб берадиган мувозанатли тизимни яратиш керак. Шундай мувозанатга эришилганида зиддият даражаси пасая бошлайди ва барқарор сиёсий тизимга ўтиш билан нисбатан барқарорлашувга эришиш мумкин бўлади.
- Бу бўлиши мумкинми?
- Мумкин, лекин бу бир неча тадбирларни амалга ошириб, қисқа вақт ичида натижага эришадиган ҳолат эмас. Мураккаб, тинимсиз меҳнат ва энг асосийси, Афғонистон муаммосига алоқадор барча кучларнинг самимий иштироки талаб қилинади.
Олдингиси
Ўзбекистон овози эшитилиши ва унинг позицияси ҳисобга олиниши керак – Элдор Арипов
СМТИ директори Элдор Ариповнинг фикрича, Ўзбекистоннинг овози Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида инобатга олиниши жуда муҳимдир.
24.06.2019