Жорий йилнинг 3-6 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) эксперти А.Юсупов Россия халқлар дўстлиги университети томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этди.
Халқаро конференцияда ҳозирда дунёда кечаётган миграция жараёнлари таҳлил қилинди, ушбу жараёнларга хавфсизлик, соғликни саклаш ва интеграция кесимида баҳо берилди.
Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Германия, Италия, Франция, Кипр давлатларидан миграция соҳасидаги эксперт-мутахассислар иштирок этишди.
Конференцияда СМТИ эксперти А.Юсупов “Меҳнат ресурсларининг трансмиллий ҳаракати объектив халқаро жараён” мавзусида маъруза килди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини мувофиқлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, мамлакатда бандликни таъминлаш, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, ёшларни ўз салоҳиятини янада тўлароқ намоён қилиш учун яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида маълумотлар берилди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳозирда ҳудудларни ҳамда саноатни ривожлантириш стратегияси фаол тадбиқ қилинаётгани, бу эса ўз навбатида бандликни таъминлашда кўплаб янги имкониятлар яратилишига олиб келаётгани айтиб ўтилди.
Анжуман иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ижобий баҳоланди.