Ўзбекистон-Афғонистон музокаралари - икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир қадамдир

Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумат делегациялари ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди. Мулоқот давомида ҳар иккала томон ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақада барқарор иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишни таъминлашдан манфаатдорлигини тасдиқлади.

Кун тартибига мувофиқ, музокаралар чоғида савдо, энергетика, транспорт коммуникациялари ва логистика соҳаларида ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик қатор муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи М.Атмар ва Афғонистон президенти маъмурияти раҳбари М.Шокир бошчилик қилдилар. Музокараларда икки мамлакатнинг ташқи ишлар, транспорт, энергетика вазирликлари, шунингдек, бошқа тегишли идора ва компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Музокаралар чоғида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ўтган 3 йил давомида икки томонлама муносабатларнинг эришилган юқори даражасини таъкидладилар, шунингдек, кенг қўламли ҳамкорлик доирасида эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширишга содиқлигини билдирдилар.

Томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш тарафдори эканликларини билдирдилар. Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришни ташкил этиш ва шу мақсадда тегишли инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, жумладан, “Сурхон – Пули-Хумри” узатиш линияси қурилиши лойиҳасини тезкор равишда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар “Марказий Осиё – Жанубий Осиё” йўналишида ҳам, “Афғонистон – Хитой, МДҲ мамлакатлари ва Европа” йўналишида ҳам транспорт йўлакларини ривожлантириш ва икки мамлакатнинг транзит салоҳиятидан фойдаланиш орқали минтақадаги транспорт коммуникациялари инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Музокаралар чоғида савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўллари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, ўзаро савдо ҳажмининг ўсиш динамикасига ижобий баҳо берилди – 2020 йилнинг биринчи ярмида пандемия оқибатларининг халқаро савдо муҳитига салбий таъсирига қарамай, икки томонлама савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24% га ошди.

Савдо алоқаларини янада кучайтириш мақсадида тегишли институционал ва ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш, ўзаро савдони рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, жумладан, чегараолди савдо салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва имтиёзли савдо Битимини тузиш имкониятларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Музокаралар якунида яқин келажакда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга ошириладиган қўшма чора-тадбирлар келишиб олинди ҳамда савдо, энергетика ва транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Томонларнинг фикрича, икки томонлама муносабатларда эришилган ютуқлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар Марказий Осиё минтақасида барқарорлик, тараққиёт ва иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Афғонистонни ушбу жараёнга фаол жалб этишга хизмат қилади.

 

 Манба