СМТИда Германия халқаро муносабатлар институтининг Шарқий Европа ва Евроосиё бўйича етакчи мутахассиси (SWAG) Себастиан Шик ва Рим геосиёсий тадқиқотлар институти (IsAG) Евроосиё дастури тадқиқотчиси Фабрисси Виелмини иштирокида, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг истиқболлари бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари таҳлил қилиниб, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Себастян Шик фикрича, сўнгги йиллардаги Ўзбекистоннинг асосий ютуқларидан бири иқтисодий ва молиявий либераллаштириш жараёнларининг олиб борилганлигидир. Унинг таъкидлашича, ушбу ислоҳотлар мамлакат ишбилармонлик муҳитини ва инвестицион жозибадорлигини оширади, иқтисодиётни рағбатлантириш учун янги имкониятлар яратишга ёрдам беради. Эксперт Ўзбекистон амалга ошираётган янги сиёсат натижасида Марказий Осиёда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар минтақани барқарорлогини кучайтирмоқда ва Германиянинг Марказий Осиёдаги сиёсатини фаоллаштиришга ҳисса қўшмоқда деб баҳолайди.
Ўз навбатида Фабрисси Виелмини, узоқ вақт минтақавий жараёнлардан четланган Ўзбекистон бугунги кунда янги услубда иш олиб бораётганини таъкидлади. Минтақанинг юраги бўлган Тошкент Марказий Осиёда ўзининг барқарорлаштирувчи табиий ролини қайта тиклаяпти. Ўзбекистоннинг жорий сиёсати Тошкентнинг Европа Иттифоқи билан муносабатларини фаол ривожланишига имкон беради. Бунинг учун мамлакатда амалга оширилаётган ички ислоҳотлар натижалари, давлат бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимиятининг роли янада кучайтириш ўта муҳим. Ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини очади.
Экспертнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги ўзгаришлар даври Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини янгилаш жараёнига тўғри келди.
Янги ҳужжатни ишлаб чиқишда Ўзбекистонда сўнгги воқеликлар эътиборга олиниб, Брюссел Тошкентга нисбатан бўлган ўз ёндашувларига ўзгартиришлар киритмоқда.
Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни назарда тутади ва бу янги технологиялар, халқаро стандартлар, давлат бошқарув тизими ва бошқа соҳалар бўйича тажриба алмашиш учун ягона платформани яратишни талаб қилади. "Европа Иттифоқи глобал ноу-хау манбаидир ва табиийки, янги стратегия Брюсселга Ўзбекистонни модернизация қилишда асосий шерик бўлишга имкон бериши керак", дейди у.
Ф. Виелмини Тошкентнинг Афғонистонга нисбатан сиёсатининг муҳимлигини юқори баҳолади. Бу эса, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва умуман минтақа билан ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча имкониятларни очиб беради.