СМТИда "Ўзбекистон ва Хитой: «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Хитойнинг Гансу вилояти Ижтимоий фанлар академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган бу тадбирда, Иқтисодий тадқиқотлар маркази, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати давомиса Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбирда хитойлик мутахассислар таъкидлашича, Хитойда Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларга ва ўзгаришларга қизиқиш тобора ўсиб бормоқда. Уларнинг баҳоларига кўра, Ўзбекистонда фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатнинг халқаро обрўсини ва сармоявий жозибадорлигини яхшилаш учун ишончли пойдевор яратиляпти.
Шу нуқтаи назардан, ХХР делегациясининг раҳбари, Ижтимоий фанлар академиясининг вице-президенти Ма Тинсу Тошкентнинг очиқ савдо-иқтисодий сиёсатини юқори баҳолаб, ушбу йўналишдаги қадамлар Ўзбекистоннинг сармоя киритиш учун истиқболли майдонга айланишини таъкидлади.
Шу билан бирга, иштирокчиларнинг фикрига кўра, юқори даражадаги стратегик Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш учун янги улкан мақсад ва вазифаларни излашга туртки беради. Муҳим транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини фаол равишда илгари суриш, минтақалараро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кучайтиришга интилиш давлатлараро алоқаларни тўлиқ тушунишидан далолат беради.
Музокараларда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, бу ташаббус бошлангандан кейинги 6 йил ичида унинг халқаро майдондаги обрўси сезиларли даражада ўсди. Хусусан, ҳозирги пайтда «Бир макон, бир йўл»ни амалга оширишда 150 дан ортиқ мамлакатлар иштирок этади. Лойиҳа 200 мамлакатдаги 600 дан ортиқ портларни ўз ичига қамраб олган. Шу билан бирга, хитойлик экспертлар Ўзбекистоннинг лойиҳани барча иштирокчилари учун қизиқиш уйғотадиган аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриш орқали қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир якунида томонлар Ўзбекистон ва Хитой икки томонлама илмий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Бу томонларга янги таклифларни ишлаб чиқиш ва улар ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни чуқурлаштиришга ёрдам беради.