Жорий йилнинг 17 апрель санасида СМТИда ЕХҲТнинг кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заньер билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда, шунингдек, кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссар офиси мутахассислари Боб Дин, Андрей Ханжин ва Михаил Ангерманлар ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида СМТИ ва кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссар офиси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга бағишланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти каби масалалар муҳокама қилинди.
Олий комиссар миллатлараро ва конфессиялараро муносабатларда тинчлик ва тотувликни таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси томонидан олиб борилаётган сиёсатга юқори баҳо берди.
Ламберто Заньер Президент Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни янада яхшилаш борасида илгари сураётган ташаббуслари минтақа мамлакатларида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида ижобий натижалар кўрсатаётганлигини таъкидлади.
Олий комиссар Қирғизистонга қилган ташрифи пайтида Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидаги Манас қишлоғининг қайта қурилаётганлиги Қирғизистон фуқороларида катта қизиқиш уйғотганига шахсан гувоҳ бўлганига алоҳида урғу берди.
Мутахассислар томонидан Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида тўпланган ижобий тажрибаларни қайд этишди. Жумладан, Олий Комиссар бошчилигидаги делегациянинг Намангандаги тожик тилида таълим берилувчи мактаб ва Фарғона Давлат университетининг филологияси факултети (тожик тили гуруҳи)га ташрифи, хорижлик мутахассисларда ижобий таассурот қолдирганлиги эътироф этилди. Мутахассислар Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишларни халқаро миқёсда оммалаштириш зарур эканлигини таъкидлаб ўтишди.