Жорий йилнинг 26 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида мамлакатимизда бўлиб ўтган президент сайловларига халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган Европанинг Осиё тадқиқот институти директори Лин Готальс билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлари ва мамлакатимиз ташқи сиёсати туфайли эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилди. Томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Тадбирда Лин Готальс Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳақидаги таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимизда сайловга кенг кўламли тайёргарлик кўрилган ва сиёсий ҳаётда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.
Шунингдек, учрашда афғон муаммосига алоҳида эътибор қаратган ҳолда минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Экспертга Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, давлатимизнинг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида маълумот берилди.
Л.Готальс Ўзбекистоннинг прагматик ёндашувларини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги вазият ёмонлашгани сабабли, Қобулга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, белгиялик эксперт Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солишдаги роли ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, бу йўналишда Брюссель ва Тошкент ўртасидаги шериклик янада чуқурлашишига ишонч билдирди.
Л.Готальс Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиш динамикасини ҳам ижобий баҳолади. Таъкидланишича, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг умумий имтиёзлар тизими (GSP+) бенефициари мақомини олиши, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги» янги битимни ишлаб чиқишда эришилган ютуқлар кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди ва икки томонлама савдонинг ривожланишига янги туртки беради.
Учрашувда ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар соғлиқни сақлаш, яшил иқтисодиёт, рақамлаштириш, таълим, шунингдек, давлат бошқаруви каби соҳалардаги муаммоларни биргаликда ўрганишни режалаштирмоқда.
Европанинг Осиё тадқиқотлари институти Белгиянинг етакчи таҳлилий марказидир. Штаб-квартираси Брюссельда жойлашган. Институт фаолияти Европа Иттифоқи ва Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни ўрганиш, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Кейингиси
СМТИда Ўзбекистон-Испания муносабатларини ривожлантириш Ассоциацияси президенти билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 26 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида мамлакатимизда бўлиб ўтган президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган Ўзбекистон-Испания...
28.10.2021