Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Жазоирнинг Глобал стратегик тадқиқотлар миллий институти билан биргаликда уюштирилган тадбирда етакчи экспертлар, дипломатик корпус ва академик ҳамжамият вакиллари иштирок этди.
Мулоқот чоғида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш масаласини кўриб чиқдилар.
Тошкент ва Жазоир ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 31 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида алоқалар ривожи ижобий суръат намоён этиб, ўзига хос амалий мазмун билан бойиди.
Шу нуқтаи назардан экспертлар мавжуд алоқани янада чуқурлаштириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш учун янги ўсиш нуқталари ва ҳаракатлантирувчи омиллар топиш муҳимлигини таъкидладилар. Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибига, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт, туризм каби истиқболли соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш иштирокчилари икки давлатнинг ўз минтақаларидаги географик жойлашуви ўзига хос хусусиятга эга эканлигига урғу бердилар. Жазоир Ўзбекистон учун Африка мамлакатлари бозорига кириш эшигига айланиши мумкин. Ўзбекистон ҳам минтақа марказида жойлашгани сабабли Жазоирнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама алоқани кенгайтириши учун жозибадор.
Бу, ўз навбатида, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама иқтисодий, маданий-гуманитар алоқани яхшилашга хизмат қилади.
Учрашув якунида Ўзбекистон – Жазоир ҳамкорлигининг барча йўналишлари бўйича фикр алмашиш имконини берадиган мунтазам экспертлар мулоқотини йўлга қўйишдан манфаатдорлик маъқулланди.
1984 йил ташкил этилган Глобал стратегик тадқиқотлар миллий институти Жазоирнинг етакчи тадқиқот ташкилоти бўлиб, ҳозирги халқаро воқеалар ва тенденцияларни таҳлил қилиш асосида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш йўлида фаолият юритади. Сиёсат, иқтисодиёт, яшил энергия, миграция, уюшган жиноятчилик, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларининг мамлакат тараққиётига таъсирини ўрганиш билан шуғулланади.