СМТИда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида томонлар болаларни бузғунчи кучлар томонидан вайронкор мақсадлар учун ишлатишининг олдини олиш борасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда мутахассисларга Ўзбекистонда болаларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш ҳуқуқи таъминланганлиги, уларнинг жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун зарур шароитлар яратилгани ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
UNODC мутахассислари Ўзбекистоннинг ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилаётган ишаларига жуда катта қизиқиш билдирдилар. Шу аснода, Ўзбекистонда "Жаҳолатга қарши маърифат" шиори остида экстремизм ва радикализмга қарши кураш борасида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда дунёвийлик ва динлараро бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлари таъкидланди.
Суҳбатда Президент Ш.Мирзиёев томонидан шу йил март ойида эълон қилинган «Бешта ташаббуси»ни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ташаббус ёшларнинг маънавий камол топиши, уларни санъат ва спортга қизиқтириш, шунингдек, ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, ёш авлод ўртасида китоб мутолаасини тарғиб қилиш ва аёлларни иш билан таъминлашга йўналтирилганлиги алоҳида қайд этилди.