СМТИда ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Ян билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари ва ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ШҲТ саммити (Бишкек ш., 13-14 июн) ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида (Душанбе ш., 13-14 июн) томонидан илгари сурилган ташаббусларини юқори баҳолади.
Мулоқотда Цзян Ян Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ролини алоҳида қайд этиб, Хитой Тошкентнинг Марказий Осиёдаги ўзаро боғлиқлик муаммоларини ҳал этиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва яшил энергетикани ривожлантириш бўйича таклифларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Шунингдек, элчи Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида минтақада олиб борилаётган очиқ ва яхши қўшничилик сиёсати Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик учун қулай шароит яратмоқда. Бу, унинг айтишича, Хитой Халқ Республикаси учун ҳам муҳимдир.
Цзян Яннинг алоҳида таъкидлашича, бугунги кунда томонлар Афғонистон ёшларига таълим бериш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда. Бу йўналишда Ўзбекистон томонидан Термиз шаҳрида ташкил этилган таълим марказида афғон фуқароларини ўқитиш бўйича ўзаро саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтилди. Бундай имкониятнинг яратилиши афғон ёшлари ўз келажагини белгилашида муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ва минтақавий аҳамиятга молик кенг кўламли масалалар бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш ва фикр алмашиш ниятида эканлигини билдирди.