Жорий йилнинг 27 октябрида СМТИда Швейцария Ташқи ишлар вазирлигининг сув масалалари бўйича махсус вакили Гий Бонвин билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Берн томонидан Марказий Осиё минтақасида амалга оширилаётган «Blue Peace Central Asia» ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди.
«Blue Peace Central Asia» лойиҳаси 2014 йилда Швейцария ҳукумати ташаббуси билан ташкил этилган. Дастур Марказий Осиё давлатлари ўртасида мулоқотни ривожлантириш ва уларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш билан боғлиқ масалаларда ечим топишига кўмаклашади.
Учрашувда Ўзбекистоннинг сув ресурсларидан минтақада биргаликда фойдаланишда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган фаол сиёсати юқори баҳоланди. Дипломатнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Тошкент Марказий Осиёда трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича қатор муҳим қадамлар қўйди.
Гий Бонвин Марказий Осиё мамлакатлари учун сув ресурслари билан боғлиқ бўлган масалаларни аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, «сув муаммоларини қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм, соғлиқни сақлаш ва ҳаётнинг бошқа кўплаб соҳалари билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқиш зарурлигини» айтиб ўтди.
Шу муносабат билан швейцариялик дипломат 2022-2025 йилларга мўлжалланган “Сув – барқарор тикланиш драйвери”лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланганлиги ҳақида маълум қилди.
“Сув – барқарор тикланиш драйвери” лойиҳаси Будапештдаги Корвин университети томонидан “Blue Peace Central Asia” ташаббуси, ҳамда Стокголм халқаро сув институти ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази кўмагида амалга оширилмоқда. У Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқишни кўзда тутади. Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи 2020-2021 йилларда минтақа давлатларининг стратегик тадқиқот институтлари, Ташқи ишлар вазирликлари, сув ресурслари, энергетика ва иқтисодиёти учун масъул муассасалари экспертлари иштирокида бир қатор вебинарлар доирасида ўтказилган.
Бундан ташқари, Г.Бонвин 2021 йил 29 ноябрь – 5 декабрь кунлари Венгрия пойтахтида бўлиб ўтадиган “Планет Будапест” (Будапешт сайёраси) саммити ҳақида хабар берди. Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларни ноқулай экологик, ижтимоий ва иқтисодий жараёнлардан хабардор қилишдир.
Шунингдек, мутахассис Ўзбекистоннинг мазкур юқори даражадаги форумда иштирок этиш ташаббусидан мамнунлигини билдирди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг ушбу саммитда иштирок этиши тўғрисидаги келишувга Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 2021 йил март ойида мамлакатимизда ташрифи чоғида эришилган эди.
Учрашув якунида томонлар кўп қиррали ҳамкорликни, минтақадаги сув муаммолари бўйича очиқ ва самарали мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар. Шунингдек, швейцариялик дипломат Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган олдиндан режалаштирилган лойиҳаларни биргаликда амалга оширилишига умид билдирди.
Олдингиси
СМТИда ОҲИЧК котибияти ижрочи директори билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида мамлакатимизда бўлиб ўтган президент сайловларида халқаро кузатувчиси сифатида ташриф буюрган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши (ОҲИЧК) котибиятининг ижрочи директори Кайрат Сарибай билан учрашув бўлиб ўтди.
28.10.2021